Худога ҳаммасин айтиб бераман Дунёга яшашда қўймасангиз гар, Шу сизга буюрсин қайтиб бераман. Аммо аримаган кўнглимдан кадар, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Фитратда туғилдим, вале тарбия, Мудҳиш бир ҳолатга солдику соя. Соф таълим нелигин билмадим дея, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Ёшликда ғам нима билмай юргандим, Боғчани энг олий даргоҳ билгандим. Калима ўрнига қўшиқ ўргандим, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Қувлаб йўл тушганда мактабим томон, Жамий илмларга изладим имкон. Аммо нималигин билмадим иймон, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Сўнг олий билим юрт ўзига чорлар, Муҳаббат аталмиш гўзал баҳорлар. Устозларим диндан этган безорлар, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Аллоҳга ҳамд бўлсин қутқарди Ўзи, Қалбимга сочилди ҳидоят тузи. Шунда яқинларим бурдилар юзин, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Ароқли тўйларга бормай қолсам гар, Отамга лаънат дер энг яқин жигар. Кўзимдан ёш эмас оққанда захар, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Ёдимда ўзини энг зўр эр деган, Намозхон бўлдингми, дея жеркиган. Буғзимга қадалиб ёвуз шер келган, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Ҳақ сўз етказилса мард жувон шерлар, Ўзингча неларни суйладинг дерлар. Кеча ким эдинг, деб юз бурган эрлар, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Аллоҳ рухсат деган оятни билиб, Ҳаётга татбиқ эт, десам гар кулиб. Аёл зоти минар ғазабга тулиб, Худога ҳаммасин айтиб бераман. Ҳаммага тегишли айтилган сўзлар, Ҳақдан олиб қочманг, жовдирар кўзлар. Қиёмат келганда кўрасиз дўстлар, Худога ҳаммасин айтиб бераман

Теги других блогов: поэзия религия мораль